«Толибон» ҳаракати тез орада Панжшер ҳокимияти билан келишув тузилишини маълум қилди
«Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид тез кунда Панжшер ҳокимияти билан шартнома тузилишини маълум қилди. Бу ҳақда унинг «Shamshad News»га берган интервьюсига таяниб, «Sputnik Афғонистон» хабар берди.

Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг сўзларига кўра, айни пайтда ҳаракат вакиллари Панжшердаги одамлар билан алоқада.
«Биз оқсоқоллар, нуфузли одамлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Музокаралар яқинда муаммонинг урушсиз ҳал қилинишига замин яратади. Менинг 80 фоиз ишончим комилки, жанг қилишнинг ҳожати қолмайди. Бизнинг маълумотларга кўра, яқин келажакда тинчлик битими тузилади», — деган Мужоҳид.
Аввалроқ Панжшердаги қаршилик кучлари «Толибон» ҳаракати билан музокара ўтказаётгани айтилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Панжшер билан боғлиқ масалада қайси давлат ёрдам бера олишини маълум қилган.