Тошкентда йигит ёши 70 дан ошган эр-хотинни калтаклади — видео
Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 5 июнь куни йигит 70 ёшли эркак ва аёлни уриб, жароҳат етказди. Бу ҳақда «Yangi davr» информацион дастурида маълум қилинди.

Хабар қилинишича, 5 июнь куни жиянини Самарқандга кузатишга чиққан 70 ёшли эр-хотин Чилонзор туманидаги «Бунёдкор» автовокзалида турган пайт бир йигит келиб, улардан пул сўраган, таҳдид қилиб, ҳақоратлаган ва машинадан тушишга мажбурлаган. Эркак машинада тушган пайтда бехосдан унинг лаб ва оғиз қисмига қаттиқ мушт туширган. Уни ҳимоя қилиш учун тушган аёлини ҳам уриб, тепган ва куч ишлатиб, тан жароҳати етказган.
Қайд этилишича, йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноий суд унга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда йигит жанжаллашиб, синфдошини темир бўлаги билан ургани хабар қилинганди. Шунингдек, Сурхондарёда бозорда эркак қайнанасини ургани ва Тошкентда 35 ёшли эркак 11 ёшли болани калтаклагани маълум қилинган.