Қонунчилик палатаси «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида депутатлар давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари буджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якуни бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим муассасаларини сақлаш ва ривожлантиришга 19 070,3 миллиард сўм ажратилган. Мактабгача таълимга бюджетдан 362,3 миллиард сўм ажратилиб, бу маблағнинг 2 304,7 триллион сўми сарфланган.

Қайд этилишича, депутатлар мактабгача таълим ташкилотларида болалар овқатининг сифати ва уларга ажратилган озиқ-овқатларни белгиланган меъёрдан камлиги, болалар овқатига хиёнат қилиш, сонини қўшиб кўрсатиш билан боғлиқ мурожаатлар кўпаяётганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мактабга чиқадиган болалар учун бир йиллик мажбурий тайёрлов амалга оширилгани, лекин ҳозирда минглаб болалар ёши нуқтаи назаридан мактабга қабул қилинмаётгани ва бу ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганига эътибор қаратилган.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

«Бугун бундай болалар на мактабга қабул қилиняпти, на қайтиб боғчага. Вазирликлар бу масалага изоҳ бера оладими? Халқнинг бирорта боласи ҳам кўчада қолмаслиги керак», — деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Таъкидланишича, йиғилишда иштирок этаётган Мактабгача таълим ва Халқ таълими вазирлиги вакиллари бу масалага изоҳ берган, лекин депутатлар бундан қониқмаган.

Ҳисоботга кўра, таълим-тарбияга бюджетдан етарлича маблағ ажратилган, аммо маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмаган. Масалан, халқ таълимида ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағ 68 фоизга ижро этилган. Ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси учун ажратилган маблағнинг эса 20 фоизга яқини ишлатилмаган. Мактабларни кенг полосали интернет тармоғи билан таъминлаш учун ажратилган маблағнинг атиги 15 фоизи ишлатилган, холос. Бирламчи спорт жиҳозлари билан таъминлаш учун ажратилган 50 миллиард сўм умуман ўзлаштирилмаган.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Шунингдек, туризм ва спорт бўйича белгиланган вазифалар ижроси ҳам танқид қилинган. Маълумотга кўра, ҳозирга қадар вазирлик томонидан ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш йиллик дастури доирасида 561 та туризм объектларининг 392 таси ёки 70 фоизида лойиҳа-смета ҳужжатлари йўқ ва қурилиш ишлари шу кунга қадар бошланмаган.

Қайд этилишича, йиғилиш сўнгида халқ вакиллари давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллаган.

Аввалроқ Ўзбекистонда давлат бюджети харажатлари оширилиши ҳамда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағ харажатлари тўғрисидаги маълумотлар ОАВда эълон қилиниши хабар қилинган.