Дунёдаги 4 та давлат Кобул аэропортида террорчилик содир бўлишидан огоҳлантирди
Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчилари эвакуацияни кутаётганларга «хавфсизлик таҳдиди» туфайли Кобул аэропортини тарк этишни тавсия қилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.

Маълум қилинишича, Кобулдаги Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропорт атрофидаги хавфсизлик ҳолати кескинлашмоқда. Президент Байденга кўра, хавф ИШИД жангарилари томонидан келиши мумкин. Германиянинг Афғонистондаги элчихонаси, шунингдек, бошқа бир қанча давлатлар вакиллари аэропорт яқинидаги террорчилик таҳдидлари ҳақида огоҳлантирган.
Таъкидланишича, Кобулдаги Америка дипломатик ваколатхонаси 25 август куни тунда АҚШ фуқароларини бу объектга ташриф буюрмасликка ва у ерда бўлганларни «хавфсизлик таҳдиди» туфайли тарк этишга чақирган. Ўз навбатида, Британия ҳам ўз фуқароларига «хавфсиз жойга» ўтишни ва эвакуация буйруқларини кутишни маслаҳат берган. Британия Ташқи ишлар вазирлиги аэропортда «доимий ва юқори даражадаги теракт хавфи мавжуд» эканини айтган. Австралия ҳам «жуда юқори террорчилик хавфи» ҳақида огоҳлантириб, ҳаво портини тарк этишни тавсия қилган. Германиянинг Кобулдаги элчихонаси Германия фуқароларига мурожаатида отишма ва терактлар эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган.
Аввалроқ Кобулдан одамларни эвакуация қилаётган самолётлар жиддий хавф остида экани айтилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати афғонистонликларнинг мамлакатни тарк этаётгани сабабини маълум қилганди.