Коронавируснинг келиб чиқишини ўрганиш ишлари тўхтатилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича олиб борилаётган тергов ишлари тўхтатилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Вести.ru» хабар берди.

Олимлар олдида пайдо бўлган асосий қийинчилик шундаки, 2019 йил охирида вирусга чалинган одамларда антитаначалар аста-секин йўқолиб кетмоқда. Бу коронавируснинг пайдо бўлишини текширишга катта таъсир кўрсатади. Жумладан, вируснинг келиб чиқишини ўрганиш имкониятини камайтиради.
Бундан ташқари, вирус ҳайвондан одамга табиий равишда юқиши мумкин бўлган фермалар ва жойлар аллақачон вайрон бўлган. Шу тариқа мутахассислар дастлабки маълумотлар билан ишлай олмаслигини айтган ва вирусни ўрганиш тўхтатилганини маълум қилган.
Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг келиб чиқишини ўрганишга оид баёнот бергани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ЖССТ коронавируснинг одамларга юқиши билан боғлиқ янги тахминини илгари сургани маълум қилинган.