Наманган вилояти Чуст туманида 15 апрель куни отаси ва унинг шаръий никоҳдаги хотинини ўлдирган 46 ёшли эркак қамалди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Олмос қишлоғида эркак ўзига ёнма-ён қўшни бўлиб яшаб келаётган кекса отасини моддий манфаат илинжида уриб ўлдирган. Шунингдек, у отаси билан шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган аёлнинг ўлимига ҳам сабабчи бўлган. Аниқланишича, у ўша пайт спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва ҳеч қандай қаттиқ жисм ва совуқ қуролларсиз ҳар икки марҳумни шавқатсизларча дўппослаган.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, қотиллик иши 25 август куни жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман судида Отабек Сиддиқов раислигида кўриб чиқилган. Эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-модаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а, в, ж, и» бандлари ҳамда 164-модда (Босқинчилик) 3-қисми «в, г» бандлари билан айбли деб топилиб, 21 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Аввалроқ Тошкентда эркак жанжал сабаб отасини уриб ўлдиргани, Жиззахда йигит ўз отасини ўлдириб қўйгани ва Фарғонада отасини яраштиришга борган ўғил унинг дўстини дўппослаб ўлдиргани хабар қилинган.