Президентликка «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров сайловолди дастурини эълон қилди. Бу ҳақда партия съездида иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Миллий тикланиш» партияси матбуот хизмати

Қайд этилишича, сайловолди дастур «Қадриятларга таянган тараққиёт!» ғоясига асосан 5 та устувор йўналишдан иборат экани таъкидланди. Алишер Қодиров ўз cайловолди дастури билан таништирар экан, унда асосий эътибор миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар негизида миллий тарбия ва таълим тизимини шакллантиришга қаратилганини таъкидлади.

Хусусан, агар у Президент бўлса, олий таълим вазирлиги тугатилади ва тизим давлат тасарруфидан чиқарилади. Шунингдек, вазирлик ўрнига Президент ҳузурида Ректорлар кенгаши ташкил этилади. Олийгоҳлар ўзини-ўзи бошқаради ва рақобатбардош бўлиш учун курашади.

Бундан ташқари, Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, «Янги авлод» давлат дастури қабул қилиниб, бола туғилганидан то мактабни тугатгунгача бўлган даврни ўз ичига олган ягона тарбия ва таълим тизими яратилади. Оила–боғча–мактаб бир тизимда бирлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фракция раҳбари Алишер Қодиров таълим муассасаларини ривожлантириш борасида фикр билдириб, «Халқнинг бирорта боласи ҳам кўчада қолмаслиги керак» дея таъкидлаганди. Шунингдек, Алишер Қодиров ўқитувчилардан мажбурий имзо йиғдирилгани айтилган хабарга изоҳ берганди.