Ўзбекистонда қанча аҳоли спорт билан доимий шуғулланиши очиқланди
Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридаги вазифалар асосида соҳада қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, югуриш, юриш, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workout» ва бошқа спорт турлари бўйича жами 56 мингдан зиёд оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, бу мусобақаларга 4 миллион 700 минг аҳоли жалб қилинган. Аҳоли ўртасида 31 мингга яқин соғломлаштириш (эрталабки бадантарбия) тадбирларида 3 миллион 3 мингга яқин аҳоли иштирок этган.
Қайд этилишича, таълим муассасаларининг 5359 та спорт зали инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг 4235 тасида дарслардан сўнг аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун имконият яратилган. Натижада бир кунда 473 мингдан зиёд аҳолини спортга жалб қилиш имкони пайдо бўлган. Ҳар чоракда бир марта «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танловини ташкил этиш йўлга қўйилган. 2021 йилнинг биринчи чорагида маҳаллаларда 70 мингга яқин спорт мусобақаси ўтказилиб, 2 миллиондан зиёд аҳоли иштироки таъминланган. Қолаверса, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» www.1hls.uz веб-портали ҳамда унинг мобил иловаси яратилиб, ишга туширилган ҳамда юклаб олиш учун Google Play интернет тармоғига жойлаштирилган.

Шу билан бирга, вазирлик, идора ва ташкилотларда ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шароит яратиш мақсадида «Спорт тарғиботчилари» тайинланган ҳамда уларга қўшимча вазифа юклатилган. Яратиб берилаётган шарт-шароит натижасида спорт билан доимий шуғулланувчи аҳоли сони 2020 йилдаги 19 фоиздан 21,3 фоизга етказилган.
Таъкидланишича, мажлисда сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратган. Аҳолини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ҳисобини юритишнинг аниқ мезонлари йўқлиги туфайли жойларда бу борадаги кўрсаткичларни реал баҳолаш имкони мавжуд эмас. Айрим ҳудудларда бир марталик оммавий спорт тадбирларига жалб қилинган аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар рўйхатига киритиш орқали камров кўрсаткичларини ошириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Қайд этилишича, «Саломатлик учун 5000 қадам» каби акциялар бир марталик кампанияга айланиб, мунтазамлик касб этмаяпти. Ҳудудлардаги биринчи раҳбарлар мазкур акцияларда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кўриниш бериш учунгина қатнашмоқда. Навоий вилоятида 199 та, Тошкент вилоятида 98 та, Хоразм вилоятида 48 та, Сурхондарё вилоятидаги 40 та маҳаллада велоспорт, юриш, югуриш йўлаклари мавжуд эмас. Баъзи ҳудудлардаги мутасаддилар томонидан «Саломатлик йўлаклари» сифатида тақдим этилаётган пиёдалар йўлаги белгиланган ўлчам ва талабга жавоб бермайди.
Шунингдек, Тошкент вилоятида 477 та, Сурхондарё вилоятида 235 та, Хоразм вилоятида 124 та, Андижон вилоятида 50 та маҳаллада «Workout» майдончаси ташкил қилинмаган. Хоразм вилоятида 171 та, Навоий вилоятида 131, Андижон вилоятида 71 та, Тошкент шаҳрида 47 та маҳаллада мини футбол майдонлари йўқ.

Хабар берилишича, спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш етарлича ташкил этилмаган. Инвестиция дастурларига киритилган спорт иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилгани учун улар яқорсизлигича қолмоқда. Жумладан, Поп туманида 2016 йил қурилган сузиш ҳавзаси 2 йил давомида ишламаган. Маҳаллий буджетдан қўшимча 500 миллион маблағ ажратилиб, қурилишдаги камчиликлар бартараф этилган.
Таъкидланишича, муҳокамалар сўнгида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилиниб, мавжуд камчиликларни ҳал этишда парламент ва ҳукумат яқин ҳамкорликда фаолият юритишга келишиб олган.
Аввалроқ Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлагани ва Сенатда вазирликнинг ярим йиллик фаолияти таҳлил қилингани хабар қилинган.