Ўзбекистонда яна бир дала ўқув майдони фойдаланишга топширилди — фото
Шарқий ҳарбий округнинг Андижон гарнизонида «Имом ота» дала ўқув майдони барпо этилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида ҳарбий хизматчиларнинг мунтазам равишда жанговар тайёргарлик машғулотлари билан шуғулланишлари учун барча шароитларга мос «Имом ота» дала ўқув майдони фойдаланишга топширилган. Дала ўқув майдонидаги 8 та турли жанговар қуроллардан отиш жойлари, 30 га яқин ўқув нуқталарида бир вақтнинг ўзида гуруҳ, взвод ва батальон бўлинмалари амалий машқлар олиб бориш имконияти мавжуд.

Қайд этилишича, шу куни дала ўқув майдонида бўлинмалар ҳамкорлигида тактик махсус ўқуви ҳам ўтказилган. Унда Шарқий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда юқори қўмондонликдан берилган вазифалар тўлиқ бажарилган.

Аввалроқ «Фориш» полигонида «АрМИ–2021» халқаро ҳарбий ўйинлари бўлиб ўтаётгани, ўзбекистонлик ҳарбийлар Жанубий Корея ҳарбий ўқув юртларига юборилиши ва Сурхондарёда Ўзбекистон–Россия ҳарбий ўқув-йиғинларига старт берилгани хабар қилинган.