Қирғизистонда «Социал-демократлар» партияси раҳбарининг машинаси ўққа тутилди — фото
Қирғизистонда «Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султонбековнинг машинаси ўққа тутилди. Бу ҳақда унинг Facebook’даги саҳифасига таяниб, «Knews» хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа 26 август куни соат 01:20 да партия раҳбари охирги ишчи йиғилишдан қайтаётганида содир бўлган. Ўқ эса машинанинг у ўтирган томонига отилган.
«Айнан ўқ узилган жойдан ташқари ҳамма ёқ ёруғ, овоз баланд ва аниқ, шунингдек, жуда кучли эди. Ҳайдовчим тезлигини кескин оширди. Бир соат ўтгач, бирор из топиш учун яна воқеа жойига қайтдик. У ерда ойна синиқлари бор эди, узоқдан дарахт орқасида бир одам кўриниб турарди, машина чироқлари унга қаратилганида эса қочиб кетди», — дейди воқеа тафсилотлари ҳақида етакчи.

Қайд этилишича, воқеадан сўнг Темирлан Султонбеков мутахассислар билан гаплашган. Улар мавжуд далилларга асосланган ҳолда ўқ 9 миллиметрли травматик тўппончадан отилганини айтган.

«Улар мени қўрқитмоқчи ёки огоҳлантирмоқчи бўлган. Бир ҳафта олдин катта нашрларда партиядошимни калтаклаганим ҳақида ёлғон маълумотлар тарқалганидан ҳайрон бўлгандим — ўшанда сохта маълумот ким томонидан ва нима мақсадда тарқатилаётганини тушунмагандим. Ўйлашимча, бу ишни қилганлар шу билан партия аъзолари орасида жанжал чиқармоқчи. Балки кимдир қўрқитишни ўйлаётгандир. Мен бир нарсани айтаман: мен қўрқмаганман ва қўрқмайман ҳам, Худо берган умримни яшайман, фаолиятимни тўхтатмайман. Ҳаммага тинчлик ва меҳр тилайман!», — деб хулоса қилган Султонбеков.
Аввалроқ Қирғизистонда бош вазирга ёмон йўллар сабаб эски машинада юриш таклиф қилинганди. Шунингдек, мамлакатда энергетика тизими ўта оғир вазиятда экани маълум қилинган.