Сурхондарё вилояти «Сариосиё» чегара постида 25 август куни қарийб 100 килограмм гиёҳвандлик моддаларини Ўзбекистонга олиб кираётган юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум қилинишича, соат 3:30 ларда Сурхондарё вилояти Божхона бошқармасига қарашли «Сариосиё» чегара божхона постига қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги «Mercedes-Benz» юк машинаси кириб келган.

Юк машинасига ортилган юк тегишли тартибда кўздан кечирилганда ҳайдовчи унга 20 тонна оғирликдаги ип-калава юкланганини маълум қилиб, бу ҳақдаги ҳужжатларни тақдим этган. Божхона ходимлари томонидан юк машинасининг тиркамаси хизмат ити кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида унинг олд томони пастки қисмига 93 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани аниқланган.

Мазкур ўрамлар белгиланган тартибда очиб кўрилганида яшил ва қизил ранглардаги 82 та ўрамга 85 килограмм 505 грамм оғирликдаги героин ҳамда 11 дона сариқ рангли ўрамга 11 килограмм 425 грамм оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик воситаси жойлангани маълум бўлган. Шундай қилиб, мазкур ҳолатда жами 96 килограмм 930 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг республика ҳудудига яширинча олиб кирилишининг олди олинган.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 18 минг долларга гиёҳванд модда сотмоқчи бўлган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ДХХ жойларда катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни мусодара қилгани хабар қилинган.