«Толибон» ҳаракати сикҳларга Ҳиндистонга зиёрат учун боришни тақиқлади
«Толибон» ҳаракати 140 нафар маҳаллий сикҳ ва ҳиндуларга Гуру Тег Баҳадур таваллудининг 400 йиллигини нишонлаш учун Ҳиндистонга боришни тақиқлади. Бу ҳақда «India TV»га асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълум қилинишича, сикҳлар Ҳиндистон расмийларидан ушбу зиёратни ташкил этишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
«Биз Ҳиндистон ҳукуматидан бу маросимда иштирок этишни осонлаштиришини сўрадик. 140 зиёратчи аэропортдан 15 соатлик кутишдан сўнг ‘Толибонʼ хавфсизлик кучлари томонидан қайтариб юборилди», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Афғонистондаги қуруқлик орқали ўтувчи барча жойлар ҳозирда «Толибон» ҳаракати назорати остида. Чет эллик ходимлар ва чет эл миссияларида ишлайдиган афғонларни эвакуация қилиш Кобулдаги ягона аэропорт орқали амалга оширилмоқда.
Аввалроқ «Катта еттилик» давлатлари «Толибон» ҳаракатига шарт қўйгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Афғонистон вице-президенти «Толибон» ҳаракатини қариялар ва болаларни ўғирлашда айблагани маълум қилинган.