Тошкент метрополитенининг иш жадвалига ўзгартириш киритилади
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 26 август куни Тошкент метрополитени давлат унитар корхонаси томонидан аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича кўрилаётган чораларга бағишланган брифинг бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент метрополитенининг кенгайиши ва пойтахтнинг аҳоли зич жойлашган туманларида ҳам янги йўналишлар очилиши билан бирга йўловчи ташиш ҳажми икки баробарга ошган. Метрополитен мавжуд имконият ва қувватлардан келиб чиққан ҳолда поездларнинг ҳаракатини ташкил этган ва бу жадвалда бир оз ўзгаришларга олиб келган. Тиғиз пайтда станцияларнинг платформаларида ва ҳаракат таркибларида йўловчиларнинг кўпайиши кузатилмоқда.
Қайд этилишича, бу муаммони ҳал қилиш учун янги замонавий метровагонларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган. Тошкентга 20 та янги ва замонавий метро вагонлари келтирилган. Улардан 5 та метропоезд шакллантирилади, бу эса Чилонзор йўналишидаги гавжумлик сезиларли даражада туширилишига хизмат қилади. Йил якунига қадар шу турдаги яна 20 та вагон келтирилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, янги ўқув йили бошланиши, метрополитенда йўловчилар сони янада ўсиши, йўловчиларнинг кўплаб мурожаатлари инобатга олиниши ҳамда Мустақилликнинг 30 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш муносабати билан 30 августдан бошлаб поездлар қатнови бўйича янги жадвал жорий этилади. Яъни:
- Чилонзор ва Сергели йўналишларида эрталабки соат 07:30 дан 09:00 гача поездлар оралиғи 3 дақиқани ташкил этади ва кечки соат 16:30 дан 19:00 гача — 4 дақиқа оралиғи билан ҳаракатланади;
- Ўзбекистон йўналишида эрталабки соат 07:30 дан 09:00 гача поездлар оралиғи 4 дақиқани ташкил этади ва кечки соат 16:30 дан 19:00 гача — 5 дақиқа оралиғи билан ҳаракатланади;
- Юнусобод йўналиши эрталаб соат 07:30 дан 09:00 гача 6 дақиқада оралиғи билан ҳаракатланади ва 16:30 дан 19:30 гача поездлар қатнови ҳар 7 дақиқада ташкил этилади.
Шунингдек, 30 августдан бошлаб Тошкент метрополитенининг барча линиялари соат 05:00 дан 00:00 гача ишлайди. Маълумот учун, ҳозирга қадар Юнусобод ва Ҳалқа ер усти йўналишлари соат 06:00 дан 23:00 гача ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метрополитени раҳбари метроларда кузатилаётган носозликлар бўйича изоҳ бергани ва Ўзбекистонга Россиядан 20 та янги метро вагони юборилгани хабар қилинган.
