Тошкент ва Андижонда кузатилган қуюн ҳодисаси юзасидан қўшимча маълумот берилди
Тошкент ва Андижон вилоятининг айрим ҳудудларида 26 август куни торнадо бўлгани хабар қилинганди. «Ўзгидромет» хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Маълум бўлишича, Фарғона водийси туманлари ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида кичик майдонда атмосфера босими фарқларида кескин ўзгаришлар юзага келган. Бу Тожикистоннинг баланд Помир тоғликларидаги юқори босимли ҳудуд ҳамда Фарғона водийси вилоятларида паст босимли ҳудудларнинг кескин ривожланиш фонида юз берган.
Оқибатда айрим жойларда кичик шамол уйирмалари, яъни қуюн ҳодисалари кузатилган. Маълумот ўрнида, қуюн ҳодисаси узоқ муддатли ёғингарчиликсиз ёз кунларида тез-тез кузатиладиган ҳодиса бўлиб, бу табиат ҳодисаси Ўзбекистон шароитида хавфли пўртаналарни келтириб чиқармайди.
Аввалроқ Қашқадарёда кучли шамол оқибатида кўп қаватли уйнинг томи учиб кетгани хабар қилинган. Шунингдек, Андижонда кучли шамол ва чангли бўрон содир бўлгани маълум қилинган.