Туркманистон президенти 1 кунда 4 раҳбарни ишдан бўшатди
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосари ҳамда бошқа бир қатор юқори мартабали амалдорларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармон ва қарорга имзо чекди. Бу ҳақда «Нейтральний Туркменистан» газетаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 25 август куни Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Туркманистон фавқулодда комиссиясининг касалликлар тарқалишига қарши курашиш бўйича олиб борган ишлари натижаси кўриб чиқилган. Жараёнда Бердимуҳамедов мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун ҳал қилиниши керак бўлган асосий вазифаларни белгилаб берган. Шу билан бирга, 25 августдаги учрашув кўп сонли раҳбарларни ишдан бўшатиш билан якунланган.
Президент «ишидаги жиддий камчиликлари учун» нафақат санитария-эпидемиология хизмати бошлиғини, балки янги ўқув йили бошланиши арафасида таълим вазирини, Давлат миграция хизмати бошлиғи ҳамда бош вазир ўринбосарини ҳам ишдан бўшатган.
Аввалроқ Гурбангули Бердимуҳамедов «Туркманистон от устаси мураббийи» унвонига сазовор бўлгани маълум қилинганди. Шунингдек, унинг янги икки палатали парламент раиси бўлгани хабар берилган.