Хитойда бойлар мамлакат фойдаси учун пул ажратишга мажбур қилинди
Етти хитойлик миллиардер хайрия ишларига 5 миллиард доллар сарфлашга мажбур бўлгани айтилди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Маълум бўлишича, мамлакатда хайрияга сарфланган маблағнинг кескин кўпайиши Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг «умумий фаровонлик» ҳақидаги сўнгги эълонлари билан бир вақтда содир бўлган. Давлат раҳбарининг бу чақириқлари мамлакат аҳолиси ўртасидаги бойликдаги фарқни камайтиришга қаратилган.
17 август куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳукумат «ортиқча даромадларни оқилона тақсимлаш, бадавлат одамлар ва компанияларни жамиятга кўпроқ пул беришга ундаши» кераклигини маълум қилган. «Оммавий ёрдам» ғояси давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, мамлакатнинг энг бой одамларини мамлакат фойдаси учун пулларининг бир қисмини ажратишга мажбурлайдиган ахлоқий талабларга асосланади.
2021 йил учун ажратмалар 2020 йил учун берилган 4,2 миллиард доллардан 20 фоизга кўп бўлган. Бундан ташқари, компаниялар ва бадавлат таниқли шахслар Хэнань сув тошқинлари сабабли ҳам 600 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратган.
Аввалроқ Хитойда караокеда баъзи қўшиқларни ижро этиш тақиқланганди. Шунингдек, Хитой мактабларида Си Цзиньпиннинг ғояларини ўқитиш бошланиши хабар қилинган.