АҚШ «Толибон» ҳаракати раҳбарларидан бирини террорчи сифатида қидирувга бергани айтилди
«Толибон» ҳаракати раҳбарларидан бири ва Афғонистон бошқарув кенгашига номзод Халил ал-Раҳмон Ҳаққонийни Вашингтон энг хавфли террорчилардан бири сифатида 2001 йилда қидирувга бергани маълум қилинди. Бу ҳақда «NBC» хабар берди.

Маълум қилинишича, Ҳаққоний ҳукумат кенгашига номзод бўлган, уни «Толибон» ҳаракати мамлакат ҳукумати ишониб топшириладиган 12 кишининг рўйхатига киритмоқчи. Телеканал маълумотларига кўра, у ўн йил олдин қидирувга берилган ва Америка томони унинг қаердалиги ҳақидаги маълумот учун 5 миллион доллар тўлашга тайёрлиги айтилган.
Таъкидланишича, давлат департаменти уни қидиришни 2011 йилда бошлаган. Бу вақтда Ҳаққоний «Ал-Қоида» манфаатлари учун хизмат қилган. Айни пайтда эса у Кобулдаги «Толибон» ҳаракати хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳисобланади. Ҳаққоний 26 август, пайшанба куни журналистларга «Толибон» Афғонистонда тартибни тиклашга ҳаракат қилаётганини айтган. «Агар биз кучли давлатларни мағлуб қила олсак, албатта, афғон халқининг хавфсизлигини таъминлай оламиз», — деган у.
Америкалик экспертларга кўра, «Толибон» Афғонистонни қайтариш истаги билан мамлакатдаги вазиятни хавфли ҳолатга келтирган. Мутахассислар асосий хато уларни қамоқхоналардан озод қилгани ва хавфли жангариларни ўз сафига қўшгани эканини айтган.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистонни бошқариш учун кенгаш тузмоқчи экани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракатининг Афғонистон иқтисодиётига таъсири баҳоланганди.