Астрономлар одамларнинг қачон Марсга уча олишини айтди
Халқаро олимлар гуруҳи одамларнинг Марсга учиши учун мақбул вақтни аниқлади. Бу ҳақда «Space Weather» журналига таяниб, «Gazeta.ru» хабар берди.

Маълум бўлишича, узоқ космик парвоз пайтида одамларга космик нурланиш таъсир қилиши мумкин, чунки Ер орбитасидан ташқарида улар Ер магнит майдони билан ҳимояланмайди. Астронавтларда бундай узоқ парвоздан кейин ошқозон касалликлари, саратон ва миянинг жиддий шикастланиши юз бериши мумкин. Бундан ташқари, парвоз ақлнинг пасайишига олиб келади.
Айтилишича, парвозни амалга ошириш учун қалин материал қатлами билан одамларни космик заррачалар оқимидан ҳимоя қилиш лозим. Лекин бу юк ёки ёқилғи ҳисобидан космик кема массасининг ошишига олиб келади. Бунинг ўрнига Сколково фан ва техника институти олими Михаил Добиндэ ва унинг ҳамкасблари экспедиция учун тўғри вақтни танлашни таклиф қилди.
Тадқиқотга кўра, парвоз учун энг мақбул давр 2030 йилларнинг ўрталарига тўғри келади. Бу вақт қуёш фаоллигининг чўққиси саналади. Бундан ташқари, мазкур даврда Ер ва Марснинг қулай нисбий позицияси мос келади. Шу билан бирга, олимлар хавфсизлик сабабли икки томонлама саёҳат тўрт йилдан ошмаслиги кераклигини қайд этган.
Аввалроқ олимлар Марсда яшаш шароитини шакллантириш йўлини айтганди. Шунингдек, Марсда атом электростанциясини қуриш таклиф қилинган.