Жиззахда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши сабаб юк машинаси ағдарилиб кетди — видео
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида 20 август куни ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши оқибатида юк машинаси ағдарилиб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 22:19 атрофида туман ҳудудидан ўтган Тошкент–Термиз автомобиль йўлининг 996-километрида содир бўлган. Аниқланишича, Жиззах шаҳрида яшовчи 32 ёшли ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва юк машинаси ағдарилган.
Оқибатда машина салонида бўлган 25 ёшли эркак олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Аввалроқ Жиззахда юк машинаси ағдарилиб кетиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилинган. Шунингдек, Самарқандда 30 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 2 йўловчи вафот этгани хабар қилинган.