Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева экология соҳасида амалдаги қонунлар қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, охирги пайтда долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идора раҳбарларининг ахборотини эшитиб боришга алоҳида эътибор берилмоқда. Ўтган мажлисда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахбороти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, қўмита фаолияти қониқарсиз деб топилган эди.

Қайд этилишича, бу масала Президент ҳузуридаги видеоселектор йиғилишида ҳам танқидий кўриб чиқилган. Хусусан, дарахтлар кесилишига жорий қилинган мораторий муддати 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши таъкидланган. Сенат раисига кўра, бу борада масъулиятни кучайтириб, натижага ишлаш керак. Экология соҳасида жавобгарликни кучайтириш нуқтаи назаридан амалдаги қонунлар қайта кўриб чиқилади.

«Атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан, дарахтларни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби қатор йўналишларда ҳудудий мутасаддилар ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш орқали уларнинг фаолиятига баҳо бериш (керак бўлса, лавозимдан четлаштириш) мақсадга мувофиқ», — дейди Танзила Норбоева.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Экология қўмитасини танқид қилгани, Ўзбекистонда экология полицияси ташкил этилиши ва Нарзулла Обломуродов Президентнинг экология муаммоларига бағишланган йиғилишига муносабат билдиргани хабар қилинган.