Фарғонада эркак «роддом»даги ҳамширанинг сочидан тортиб, куч ишлатди — видео
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида эркак туғуруқхона ҳамширасининг сочидан тортиб, куч ишлатди. Бош прокуратура матбуот котиби ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида эркак киши тиббиёт муассасасидан аёл шифокорнинг сочидан тортиб, судраб чиқаётгани акс этган видеоёзув тарқалган.
Бош прокуратура матбуот котиби видеоёзувдаги ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ички ишлар бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ҳам вазият назоратга олинганини билдириб, аниқлик киритилгач, зудлик билан расмий муносабат билдирилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда 22 ёшли йигит шифокорни дўппослагани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда чақирувга борган шифокорнинг бошига қаттиқ жисм билан уриб, тан жароҳати етказилгани ва Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтаклангани маълум қилинган.
