Илон Маск пандемия даврида қанчага бойигани маълум бўлди
Пандемия АҚШ учун жиддий молиявий қийинчиликларни келтириб чиқарганига қарамай, мамлакат бойлари бойишда давом этди. Бу ҳақда «Insider» хабар берди.

Маълумотларга кўра, миллиардерлар коронавирус эпидемияси сабаб жорий этилган чекловларга қарамай, умумий ҳисобда 1,8 триллион доллар ишлаб топган. Қайд этилишича, «Tesla» бош директори Илон Маскнинг бойлиги пандемия даврида 150 миллиард долларга, яъни 600 фоизга ошган. «Amazon» асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги эса 75 миллиард долларга кўпайган.
Маълумот ўрнида, дунёнинг энг бой одами яна ўзгаргани хабар берилганди. Унга кўра, «Amazon» компанияси асосчиси Жефф Безос дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида яна биринчи ўринни эгаллаган.
Безоснинг бойлиги 24 соат ичида 2,1 миллиард долларга камайиб, 185,9 миллиард долларни ташкил қилган. Аввалроқ дунёнинг энг бой одами сифатида қайд этилган Арно эса нисбатан кўпроқ — 19,1 миллиард доллар йўқотиб, 175,8 миллиард долларлик маблағ билан рўйхатнинг учинчи қаторидан жой олган.
Рейтингнинг иккинчи поғонаси эса «Tesla» асосчиси Илон Маскка насиб этган. Унинг бойлиги 5,2 миллиардга ошиб, 180,5 миллиард долларга етган. Тўртинчи ва бешинчи ўринларда мос равишда Билл Гейтс ва Марк Цукерберг қайд этилган.
Аввалроқ Илон Маскнинг сўзи сабаб биткоин курси 45 минг доллардан пасайиб кетганди ҳамда миллиардер телешоудаги сўзлари сабаб 20,5 миллиард доллар йўқотган.