Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқарув вакилларининг Экопартияга аъзолиги «нормал» ҳолатми?
Тошкент шаҳрида 27 август куни Ўзбекистон Экология партиясининг III съезди бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентлигига номзод қилиб кўрсатилган Нарзулло Обломуродов Оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб берди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Номзод нутқи давомида Навоий ва Тошкент вилоятидаги экологик вазият ёмонлиги ҳақида гапириб ўтди. «Bugun.uz» мухбири сиёсатчидан Экопартияга Тошкент вилоятидаги Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқарув вакиллари аъзолиги қанчалик тўғри экани ҳақида сўради.
«Албатта, биз йирик-йирик корхоналар билан кўпроқ ишлашимиз керак. Биз — ҳамма тарафлар учун очиқ партиямиз. Йирик корхоналар вакиллари бўлиши бу партия томонидан қилинаётган ишларнинг амалий ижросини таъминлашга ташланган қадам деб ҳисобланиши керак», — деб ҳолатни ижобий баҳолади Нарзулло Обломуродов.
Шунингдек, журналистларнинг Оролбўйи муаммолари ҳақида қанчалик хабардорлиги ҳақида берилган саволга сиёсатчи у ердаги вазият билан яқиндан танишлиги ҳақида айтиб ўтди.
«Биз Оролбўйи ҳудудидаги ишларни жадал давом эттирамиз, у ерда катта-катта амалий қадамларни қўямиз ва инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз. Оролбўйида бу йил беш марта бўлдим. Оролнинг ўзида икки марта бўлдим. Олдинроқ ҳам ўнлаб маротаба бўлганман. Оролдаги вазиятни беш қўлимдек биламан», — деди экопартия вакили.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда президентлик сайловлари 24 октябрь куни бўлиб ўтади. Унда бешта партиядан номзодлар иштирок этиши тасдиқланган.
Аввалроқ Экология партиясининг президентликка номзодирасман тасдиқлангани ва Экопартиядан президентликка номзод иқтисодиётни ривожлантириш бўйича режалари хабар қилинганди.