Ўзбекистонда маҳкумларнинг қариндошлари билан учрашувига қўйилган вақтинчалик чеклов бекор қилинди
Ўзбекистонда маҳкумлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг қариндошлари билан қисқа муддатли учрашувларига эпидемик вазият сабаб қўйилган чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг июль ойидаги қарори билан жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларга қариндошлари билан узоқ муддатли учрашув берилиши вақтинча тўхтатилган эди.
Кейинчалик мамлакатдаги эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, улар ўртасида коронавирус тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли учрашув берилишини вақтинча тўхтатиш тўғрисидаги таклифлар ҳам маъқулланганди.
Хабар қилинишича, сўнгги кунларда Ўзбекистондаги эпидемик ҳолат барқарорлашаётганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси томонидан жазони ижро этиш колонияларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ҳамда тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар билан қисқа муддатли учрашувга қўйилган вақтинчалик тақиқлар бекор қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистонда сайлов жараёнларида сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумларга ҳам барча шароитлар яратилиши маълум қилинганди. Шунингдек, 376 нафар маҳкумга ID-карталар топширилди.