Ўзбекистонда помидордан коронавирусга қарши вакцина яратилди — видео
Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Геномика ва биоинформатика маркази олимлари помидордан коронавирусга қарши вакцина яратди. Бу ҳақда «Zamon.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, лаборатор шароитда етиштирилаётган помидор кўчатлари икки ойдан сўнг ҳосил беради. Инсон уни еса, коронавирусга қарши эмланган ҳисобланади.
«Мана помидор пишгандан кейин биз истеъмол қиладиган бўлсак, ошқозонимизга тушиб, помидорларнинг ҳужайралари парчаланди. Шундан сўнг ҳужайраларнинг ичида антиген ҳосил бўлади.
Ўзбекистонда учраётган коронавируснинг тож қисмини олиб туриб, мана бу ҳужайраларга киритдик. Ўсимлик ҳужайрасида текшириб кўрдик, ҳақиқатда бу вакцина ажралмоқда», — дейди мутахассис.
Маълум бўлишича, марказ мутахассислари вакцина устида 2021 йил январь ойидан буён иш олиб бормоқда. Билдирилишича, озиқ-овқат маҳсулотлари орқали эмланиш тажрибаси Россия ва Канадада сут, жўхори каби маҳсулотларда қўлланилмоқда. Уларнинг клиник синовлари ҳам якунига етган.
Шунингдек, суҳбат давомида помидор ва бодринг каби ўсимликлар вакцина учун бекорга танланмагани айтилди. Қайд этилишича, уларга термик ишлов берилмайди. Маҳсулотларда юқори ҳароратда пиширилганда антитаначалар ҳосил қилувчи вакцина парчаланиб кетади.
Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг айтишича, вакцина яратиш бўйича яна бир лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
«Халқаро молекуляр аллерголойия марказимиз бор. Вена университети билан ҳамкорликда катта лойиҳага қўл урганмиз. Қорамоллар коронавирусга қарши вакциналар билан эмланса, унинг сутида мана шундай иммуноглобулин-А пайдо бўлади ва бу сутни пастеризация пиширмасдан туриб ичилса, организмда иммунитет ҳосил бўлади», — дейди вазир.
Аввалроқ олимлар коронавируснинг «дельта» штаммига қарши энг самарали вакцинани аниқлаганди.