Сенатнинг ялпи мажлисида Танзила Норбоева кадастр тизими ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Такидланишича, соҳадаги ўзгаришларга қарамасдан жойларда қатор муаммолар сақланиб турибди.

«Бугун кадастр масаласи ҳам ниҳоятда долзарб. Сўнгги йиларда соҳадаги тизимли ўзгаришларга қарамасдан жойларда қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ерларни талон-торож қилиш, ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний сотиш, коррупция ҳолатлари ҳали ҳам кузатилмоқда. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бундай жиноятларга Кадастр агентлигининг собиқ ва амалдаги ходимлари ҳам қўл ураётгани ачинарли.

Табиийки, биз бунга бефарқ қарай олмаймиз. Шу сабабли кадастр соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати юзасидан Кадастр агентлиги раҳбарининг ахборотини эшитишни лозим топдик. Ҳақиқатдан ҳам долзарб масала. Жойларда ер майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари давом этаётгани жуда ташвишли. Ажабланарлиси бундай қонун бузилиш ҳолатларининг ҳар ўнтадан биттасигина (10,5 фоиз) бартараф этилган», — дейди Танзила Норбоева.

Шунингдек, Сенат раиси Президентнинг 3 йил олдинги ташаббуси билан эълон қилинган бир марталик акция доирасидаги ишлар охирига етказилмаганини айтган.

«Ерни ноқонуний эгаллаб, иморат қуриш ҳолатларини пайқамаслик мумкин эмас. Ҳар бир ҳудудда маҳалла раиси, участка нозири, сектор раҳбари ёки бу масалага бевосита масъул ва жавобгар бўлган кадастр ходимлари бор. Бироқ тор манфаатлар илинжида бунга кўз юмиляпти.

Хулоса қилиш мумкинки, жойлардаги масъуллар бу ҳолатнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини англаб етмаганлар. 3 йил олдин давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган бир марталик акция доирасидаги ишлар охирига етказилмаганлигини қандай тушуниш керак?

Бугунги шароитда агентлик аҳоли учун энг яқин ва очиқ ташкилот бўлиши керак. Бироқ айни пайтда бунинг аксини кўряпмиз. Президентимиз бекорга очиқлик ва шаффофликни талаб қилмайдилар. Шу талаб бажарилмаган соҳа борки, барчаси коррупция ботқоғига ботади», — деган Танзила Норбоева.

Аввалроқ Сенат раиси юқори палата фаолияти ҳақида фикр билдирганди. Шунингдек, у мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳақида маълумот берган.