Россияда ўзбекистонлик ҳайдовчи велосипеддаги қизни уриб юборди
Россияда ўзбекистонлик ҳайдовчи йўлни кесиб ўтаётган қизни уриб юборди. Бу ҳақда «78.ru» хабар берди.

Маълум бўлишича, «Volkswagen Polo» машинасини бошқариб бораётган ҳайдовчи велосипедда йўлни кесиб ўтаётган қизни уриб юборган. Тахминларга кўра, қиз кучли зарбадан трамвай йўлига учиб тушган. Унга трамвай ҳайдовчиси ва шу атрофдаги бошқа одамлар ёрдам берган.
Ҳайдовчи воқеа оқибатида бошқарувни йўқотиб, трамвай бекатидаги тўсиққа бориб урилган. Оқибатда 51 ва 53 ёшли икки аёл ҳам жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Эркак машинани воқеа жойида қолдириб, ўзи қочиб кетган.
Санкт-Петербург полицияси ходимлари йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахсни қўлга олган. Полиция маълумотларига кўра, у ўзбекистонлик 23 ёшли эркак бўлган. Воқеа содир бўлган пайтда у ижарага олинган машинада таксичилик қилаётган бўлган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодекси бўйича иш қўзғатилган.
Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик эркак ўғирланган машинада автоҳалокатга учраганди. Шунингдек, Россияда ўзбекистонлик эркак 3 нафар қизни зўрлашда айбланиб, қамоққа олинган.