Шавкат Мирзиёев Навоий кон-металлургия комбинатини бориб кўрди
Шавкат Мирзиёев Навоийга ташрифи давомида кон-металлургия комбинатининг техноген чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Мустақилликка қадар Навоий кон-металлургия комбинатида 2 та завод бўлган, кейинги йилларда 4 та гидрометаллургия заводи қурилган. Натижада рудани қайта ишлаш ҳажми 3 мартага, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошган. Бу жараёнда тоғ массасини қазиб чиқариш ҳам кўпайган ва катта ҳажмда чиқиндилар ҳосил бўлган. Янги корхона ушбу техноген чиқиндилардан олтин ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Шу боис у 7-гидрометаллургия заводи деб ҳам аталади.
Қайд этилишича, Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастурига мувофиқ, умумий қиймати 3,4 миллиард долларлик 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Мазкур завод ушбу лойиҳалардан бири ҳисобланади. Умумий қиймати қарийб 200 миллион доллар бўлган корхона йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаб, 7 тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқариш қувватига эга ва фойдаланиладиган чиқиндилар 2040 йилгача етади.

Таъкидланишича, корхонада 1 минг 100 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. Бу ерга Навоий давлат кончилик институтини тугатган ёш мутахассислар ва маҳаллий аҳоли қабул қилинган.

«Сўнгги 4 йилда мамлакатимизда ерости бойликларини ўзлаштириш ишлари 30 фоизга ошди. Саноатимизга янги, илғор технологиялар кириб келди. Энг муҳими, бу замонавий корхоналарда ишлай оладиган билимли мутахассислар етишиб чиқяпти. Давлатимиз учун ерости бойликларидан ҳам қадрли бойлик бу — сизларсиз», — деган Президент корхона жамоаси ва ёшлар билан суҳбатда.

Бундан ташқари, Навоий кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилган. Давлат раҳбари журналистлар билан ҳам мулоқотда бўлиб, бугун ишга туширилган корхоналарнинг иқтисодий самарадорлиги, саноат соҳасидаги режалар ҳақида сўзлаб берган. Шу тариқа Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Навоийга жўнаб кетгани хабар қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» корхонасига боргани ва Навоийда Президент ташрифидан «дух» олган тадбиркор аёлга автомобиль совға қилингани маълум қилинган.