Шавкат Мирзиёев «Навоийазот» корхонасига борди
Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятига жўнаб кетгани хабар қилинганди. Давлат раҳбари вилоятга ташрифи доирасида «Навоийазот» корхонасига боргани маълум қилинди.

Хабарга кўра, корхона ташриф дастуридаги иккинчи манзил бўлиб, бу ерда Президент 2 та замонавий кимё мажмуасини ишга тушириш ва яна бир янги йирик лойиҳани бошлашга бағишланган маросимда нутқ сўзлади.
Қайд этилишича, фаолиятини 1964 йилда бошлаган завод ҳозирги кунда мамлакат кимё саноати маҳсулотининг қарийб ярмини ишлаб чиқаради. Бу ерда 9 мингга яқин юқори малакали муҳандис, технолог ва моҳир ишчилар меҳнат қилади.
Таъкидланишича, 2 йил олдин бу ерда йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарадиган янги мажмуа ўз фаолиятини бошлаган. Энди бир вақтнинг ўзида умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган 2 та замонавий кимё комплекси ишга туширилади ҳамда яна бир янги йирик лойиҳага старт берилади.
«Тасаввур қилинг, ушбу лойиҳалар ‘Навоийазот’да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, бу кўрсаткични йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади», — деди давлат раҳбари.
Президентга кўра, Ўзбекистонга биринчи марта олиб келинган энг илғор технологиялар билан жиҳозланган замонавий мажмуалар 60 йил аввал қурилган ва ҳаддан зиёд кўп энергия истеъмол қиладиган эски қувватлар ўрнини тўлиқ эгаллайди.
Хусусан, аммиак ва карбамид мажмуасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 578 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Бунда бир тонна аммиак ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 2,5 марта камаяди. Шунингдек, азот кислотаси мажмуасида йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилиб, электр энергияси сарфи 18 марта қисқаради. Бу иккита лойиҳа эвазига ишлаб чиқарилаётган азотли ўғитнинг таннархи 30 фоизга пасаяди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Навоийга ташрифини Кармана туманидан бошлагани хабар қилинган.