«Сўнгги 6 ойда оилавий корхоналардан 1,5 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинган» — Антимонополия қўмитаси
АОКАда 27 август, жума куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Манзура Ҳасанова иштирокида бўлиб ўтган брифингда сўнгги 6 ойда оилавий корхоналардан 1,5 миллиард сўмдан ортиқ ассосиз даромад олингани маълум қилинди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020–2021 йилнинг 6 ойи давомида оилавий корхоналарда электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ ва ичимлик суви тарифларининг тўғри қўлланилиши юзасидан ўрганишлар ўтказилган.
«Белгиланган тарифларнинг нотўғри қўлланилиши натижасида 2020–2021 йилнинг 6 ойи давомида республика бўйича 1100 га яқин оилавий корхонадан 1 миллиард 503 миллион сўм, табиий газ бўйича 50 та оилавий корхонадан 272 миллион 900 минг сўм асоссиз ундирилган», — деди Манзура Ҳасанова.
Унинг таъкидлашича, электр энергияси бўйича 915 та оилавий корхонадан 1 миллиард 204 миллион сўм, сув таъминоти бўйича 134 та оилавий корхонадан 26,5 миллион сўм асоссиз олингани аниқланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда монополия ва давлат органлари рақобатига зид қанча ҳолат аниқлангани ҳамда Ўзбекистонда Антимонополия қўмитасига 2021 йилнинг 6 ойида қанча мурожаат келиб тушгани айтилганди.