Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида икки ойлик ўғлини сотмоқчи бўлган 24 ёшли аёл ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram/ @sur22

Маълум қилинишича, аёл турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, катта ўғлини уйга ташлаб, чиқиб кетган. Бироқ ота-онаси ҳам уни уйга киргизмаган. Шундан сўнг аёл чақалоғини сотиб, чет элга кетмоқчи бўлган.

Қайд этилишича, орган ходимлари ўтказган тезкор тадбирда чақалоғини шу туманда яшовчи бошқа аёлга 6 миллион сўмга сотаётган вақтда қўлга олинган. У қайта даъво қилмаслик ҳақида тилхат ҳам ёзиб бергани маълум бўлган. Таъкидланишича, аёл қонун олдида тегишли тартибда жавоб беради.

Аввалроқ Бухорода чақалоқни сотмоқчи бўлган она-қиз қўлга олингани, Самарқандда тўрт кунлик чақалоғини 2,5 минг долларга сотган спортчи қиз қамалгани ва Тошкентда 6 кунлик чақалоғини 18 минг долларга сотган аёл ушлангани хабар қилинган.