«Толибон» ҳаракатининг ИШИД террорчилик ташкилоти билан алоқаси борлиги айтилди
ИШИД террорчилик гуруҳининг «Толибон» ҳаракати билан алоқаси борлиги айтилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар берди.

Маълум бўлишича, буни Афғонистон вице-президенти, ўзини мамлакатнинг муваққат президенти деб эълон қилган Амрулла Солиҳ айтган. «Биздаги барча маълумотлар Хуросон вилоятидаги ИШИД ташкилотининг — «Толибон» ҳаракати билан алоқаси борлигидан ва хусусан Кобулда фаолият юритаётганидан далолат беради», — деб ёзган у Twitter тармоғидаги саҳифасида.
Кобул аэропорти яқинида 26 август куни иккита портлаш содир бўлган. Унинг оқибатида 100 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлган. Оммавий ахборот воситаларига кўра, воқеа учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.
Афғонистондаги вазият 15 августда, «Толибон» ҳаракати Кобулни эгаллаб, мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганини эълон қилгач, кескинлашган. Шундан сўнг, президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этган ва Амрулла Солиҳ ўзини вақтинчалик давлат раҳбари деб эълон қилган. Бундан ташқари, у «Толибон» ҳаракати ҳукмронлигини тан олмаган.
Аввалроқ Кобулдаги терактдан омон қолган эркак портлаш ҳақида айтиб берганди. Шунингдек, Кобулда содир бўлган теракт тафсилотлари маълум қилинган.