Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари ўзгартирилди
Сенатининг ялпи мажлисида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари, шунингдек, вилоят ва шаҳар чегараларини ўзгартириш ташаббуси Президент томонидан кўрсатилган.
Қайд этишилишича, Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига 2737,2 минг кишини ташкил этиб, 2021 йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсган. Аҳолининг зичлиги 1 километр/квадратга 7564 кишини ташкил этган.
Шаҳар аҳолиси сонининг йил сайин ошиб бориши шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этади. Шунингдек, бу каби муаммолар Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкинлиги айтилган.
Шу боис ялпи мажлисда муҳокама қилинган ушбу масала Сенат қарори билан Тошкент вилоятидан 7853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри чегаралари ўзгартирилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига илтимоснома киритилгани хабар қилинган. Шунингдек, Сенат қарори билан Тошкент вилоятининг бир қатор туман ва шаҳарларининг чегара ҳудудлари ўзгартирилгани маълум қилинган.