«Uzbekistan Airways» «тўлиқ эконом класс»га ўтказилган авиаташувларни йўлга қўяди
«Uzbekistan Airways» авиакомпанияси янги моделга асосланган авиаташувлар бошлаганини эълон қилди. Бу ҳақда авиакомпания ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Президентнинг 2021 йил 30 апрелдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Uzbekistan Airways» АЖ авиаташувлар борасида гибрид моделга ўтмоқда. Янги моделдаги авиаташувлар «Uzbekistan Express» номи остида авиакомпаниядаги мавжуд линияларда парвозларни амалга оширади.
Қайд этилишича, «Uzbekistan Express» илк парвозини 30 август куни «тўлиқ иқтисодий класс»га (эконом) ўтказилган «Airbus A320» ҳаво кемасида Тошкент–Москва–Тошкент йўналиши бўйича амалга оширади.
Аввалроқ Тошкентдан Фарғонага авиақатновлар сони кўпайтирилгани, Урганчдан Истанбулга мунтазам авиақатновлар тиклангани ва Нукус–Оқтўбе–Нукус йўналишида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилгани хабар қилинган.