АҚШ Кобулдаги терактдан сўнг биринчи ҳаво ҳужумини уюштирди
Ҳужумнинг ИШИД билан алоқадорлиги таъкидланган
АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбийлари дрон ёрдамида ИШИД билан алоқадор бўлган жангарига қарши ҳаводан ҳужум қилди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотига таяниб, «CNN» хабар берди.

Марказий қўмондонлик вакили капитан Билл Урбаннинг айтишича, антитеррор операцияси Афғонистон шарқидаги Нангарҳар вилоятида ўтказилган. Дастлабки маълумотларга кўра, жангари йўқ қилинган, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаган.
«CNN» маълумотларига кўра, ҳаво ҳужуми махсус хизматлар Байден ва АҚШ вице-президенти Камала Харрисни Кобулда яна бир йирик терактга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида огоҳлантиргандан сўнг амалга оширилган. АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси америкаликларни хавфсизликка таҳдид туфайли Кобул аэропорти яқинидаги ҳудудни зудлик билан тарк этишга чақирган.
Қўмондонлик хабарига қараганда, ўлдирилган ИШИД жангарисининг 26 август куни содир бўлган Кобул аэропорти яқинидаги терактга алоқаси борлиги аниқланмаган.
Аввалроқ Байден ИШИДга қарши авиазарба беришни буюрганди. Шунингдек, дунёдаги 4 та давлат Кобул аэропортида террорчилик содир бўлишидан огоҳлантирган.