Янгиликлар - 20:50 · 28.08.2021

АҚШ Сулаймонийнинг ўлими учун Эрон олдида жавоб бериши айтилди

АҚШ ҳукумати Абу Маҳди ал-Муҳандис ва генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун жавоб бериши айтилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Сулаймоний ва ал-Муҳандис 2020 йил 3 январда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. АҚШнинг жавоб бериши ҳақидаги гапни Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён Бағдоддаги ал-Муҳандис ва Сулаймоний дафн этилган жойга ташрифи вақтида айтиб ўтган. Абу Маҳди ал-Муҳандис ўлимидан олдин шиа милицияси бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Генерал Қосим Сулаймоний эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси «Ал-Қудс» қўмондони сифатида фаолият юритган.

«АҚШ бунинг учун жавоб бериши керак. Воқеа Американинг охирги маъмурияти даврида содир бўлганига қарамай, АҚШ ҳукумати оқибатларидан қочиб қутула олмайди ва жавоб бериши керак», — деган вазир ўз нутқида. Вазирнинг сўзларини Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати эълон қилган.

«Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаларидан бири АҚШ ҳукумати номидан бу қаҳрамонларга қарши террор қилганларни қонуний таъқиб қилишдир. Теракт буюртмачилари ва ташкилотчилари қилган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиши керак», — деб қўшимча қилган сиёсатчи.

Аввалроқ АҚШ Эроннинг янги президентига мурожаат қилганди. Шунингдек, Эрон раҳбари АҚШ катта хато қилганини айтган.