Бухоро вилояти маъмурий судига янги раис тайинланди
Бухоро вилояти ҳокимлиги биносида 27 август куни Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Роба Махмудова иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Унда Президент фармони билан Салохитдин Абдурахимович Турсунов ваколат муддати даврининг беш йил муддатига Бухоро вилояти маъмурий судининг раиси лавозимига тайинланди. Суд раиси тайинловга қадар Наманган вилояти маъмурий судининг раиси лавозимида фаолият юритган.

Таъкидланишича, у 1972 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Шунингдек, Салохитдин Абдурахимович 1998 йилда Тошкент юридик университетини тамомлаган. Қайд этилишича, давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ С.Турсунов «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.
Аввалроқ Бухоро вилояти Солиқ бошқармасига Маматхонов Мақсуд Маҳмудович раҳбар этиб тайинлангани маълум қилинган. Шунингдек, Миллий гвардия тизимининг Қўриқлаш бошқармаларида бир қатор тайинловлар амалга оширилгани хабар қилинган.