Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 10 ёшли бола каналга чўкиб кетгани хабар қилинганди. «Bugun.uz»нинг вилоятдаги мухбири хабар беришича, боланинг жасади 27 август куни топилди.

Кадр: Telegram/ @bugunuzlive

Маълум қилинишича, Гуртепа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Оҳунбобоев каналига 2011 йилда туғилган мактаб ўқувчиси чўкиб кетганди. Эҳтимолларга кўра, болакай қўшни ҳудуддан каналга чўмилиш мақсадида келиб сувга тушган ва қайтиб чиқмаган.

Қайд этилишича, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув отряди ғаввослари ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин қутқарувчилари ҳамда маҳаллий фуқаролар томонидан сув усти ва сув остида қидирув ишлари олиб борилган. Таъкидланишича, боланинг жасади 27 август куни соат 19:00 да каналга тушган жойидан 25 километр узоқликдаги сувдан топилган.

Аввалроқ Хоразмда ўзини каналга ташлаган 20 ёшли қизнинг жасади топилгани, Наманганда 26 ёшли йигит дарёда чўкиб кетгани ва Фарғонада каналга чўкиб кетган 29 ёшли йигит жасади топилгани хабар қилинган.