
Ниагара шаршарасида Мустақиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон байроғи акс эттирилади
Ниагара шаршарасида Мустақиллик байрамининг 30 йиллиги муносабати билан 15 дақиқа давомида Ўзбекистон байроғи акс эттирилади.

Маълум бўлишича, тадбирни ташкил этиш бўйича келишувга 27 август куни АҚШдаги дипломатик миссия (Канадада ҳам аккредитациядан ўтган) Ниагара шаршараси маъмуриятининг раҳбарияти билан эришган.
Таъкидланишича, жараённи Ғарбий ярим шардаги шаршарада 1 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 да (Тошкент вақти билан 2 сентябрь соат 7:30да) жонли эфирда ҳавола орқали томоша қилиш мумкин.
АҚШ ва Канадада яшовчи фуқаролар ушбу манзарани сайтдаги анкетани тўлдириб, тўғридан-тўғри томоша қилишлари мумкин бўлади. Ниагара шаршарасининг Ўзбекистон байроғи ранглари билан ёритилиши 15 дақиқа давом этади.
Аввалроқ Инновацион ривожланиш вазирлигида 21 август куни Ўзбекистон байроғи стратосферага учирилгани хабар қилинган. Шунингдек, ўзбекистонлик альпинист Эверест чўққисига мамлакат байроғини ўрнатгани маълум қилинган.
