Ота-оналарнинг овози боладаги оғриқни камайтириши маълум бўлди
Ота-оналарнинг овози чақалоқларда оғриқ даражасини пасайтириши маълум бўлди. Бу ҳақда Женева университети тадқиқотига асосланиб, «Medical Xpress» хабар берди.

Таъкидланишича, эрта туғилган чақалоқлар кўпинча туғуруқхоналарда ноқулаай тиббий муолажалардан ўтади, масалан, найча билан озиқлантириш ёки укол олиш каби. Улар одатда шакар эритмалари билан тинчлантирилади. Сабаби чақалоқларда одатий оғриқ қолдирувчи воситаларни қўллашга рухсат берилмаган.
Тадқиқотчилар шу муаммони ҳал қилиш устида тажриба ўтказган. Улар Италия шифохонасида эрта туғилган 20 нафар чақалоқни кузатган ва оналардан ҳар куни қон таҳлили жараёнида қатнашишни сўраган.
Олимлар, биринчи навбатда, гўдаклардаги юз ифодаларини, юрак уриш тезлигини ва қондаги кислороднинг тўйинганлигини баҳолаган. Кейин улар болаларнинг реакциясини учта ҳолатда солиштирган. Биринчи ҳолатда она шунчаки жараёнда қатнашган. Иккинчисида она бола билан гаплашиб турган. Учинчи вазиятда эса она чақалоқдан қон олинаётганда қўшиқ куйлаб турган.
Натижаларга кўра, қўшиқ айтиш чақалоққа яхши таъсир қилмаган. Она ва бола ўртасидаги одатий суҳбат эса энг яхши натижани кўрсатган. Бундан ташқари, олимлар оғриқнинг йўқолиши пайтида болаларда ишонч гормони ҳисобланган окситоцин даражасининг ошишини аниқлаган.
Аввалроқ россиялик мутахассис коронавирусга қарши эмланишнинг ҳомиладор аёлларга таъсири бўйича маълумот берганди. Шунингдек, олимлар инсон мияси келажакни башорат қила олишини аниқлаган.