Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати қачон пасайиши маълум қилинди
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида 31 августдан 2 сентябргача об-ҳаво ҳароратида пасайиш кузатилади. Бу ҳақда об-ҳаво прогнози мутахассиси ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Маълум бўлишича, 31 август ҳамда 1–2 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасаяди. Ҳарорат кундуз куни 32 даражагача кўтарилади.
Таъкидланишича, бу шимолий ҳудудларда шимоли-ғарбий совуқ оқимлар таъсирида юз беради. Шу билан бирга, Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятларида ҳам ҳаво ҳарорати бироз пасайиши айтилган.
Келгуси ҳафтада республикада ҳаво ҳарорати пасайиши кузатилади. Шунингдек, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида мавсумий ҳарорат сақланиб қолади. Ҳафта давомида тоғли ҳудудларда ва 30–31 август кунлари Тошкент ва Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида оз миқдорда ёғингарчилик кутилади. Ёғингарчиликлар сел-сув тошқинини келтириб чиқарувчи кескин даражага эга бўлмайди.
Қайд этилишича, 31 август ҳамда 1–2 сентябрь кунлари республиканинг айрим ҳудудларида шамоллар бироз кучаяди. Ҳафта давомида талафотли, ўта кучли шамол ҳодисалари юзага келиши хавфи мавжуд эмас.