Ўзбекистонда янги телерадиоканал ташкил этилади
Ҳукумат 27 август куни «‘Foreign Languages’ хорижий тиллар телерадиоканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги «Oilaviy» телеканали негизида хорижий тилларга ихтисослаштирилган «Foreign Languages» хорижий тиллар телерадиоканали ташкил этилади. Телеканал ўз дастурларини 24 соат давомида хорижий тилларда эфирга узатади, бунда ҳар куни камида 3 соат эфир вақти хорижий тилларни онлайн ўргатишга ажратилади.
Қайд этилишича, болалар учун мўлжалланган хорижий тилдаги телевизион асарлар дубляжсиз, асл тилида, зарур ҳолларда ўзбек, инглиз ва рус тилларида титрли таржима қилган ҳолда эфирга узатилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда янги виртуал телеканал ташкил қилингани ва «Имом Бухорий» зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этилиши хабар қилинган.