Қашқадарёда уйида 14 нафар болага ноқонуний диний таълим берганлар ушланди
Қашқадарё вилояти Китоб туманида фуқаро ва унинг 19 ёшли қизи вояга етмаган болаларга ноқонуний равишда диний таълим бергани аниқланди. Бу ҳақда «Nasafnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, туманнинг Денов маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.К. уйида Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар вояга етмаган болага диний таълим бергани аниқланган. Шунингдек, унинг 2002 йилда туғилган қизи М.С. мактаб ёшида бўлган 11 нафар ўқувчи қизларга ҳужра шароитида диний таълим бериб келаётгани маълум бўлган.
Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ўрганишлар давомида фуқаро Ф.К. ва унинг қизи М.С. ҳеч қандай расмий диний маълумотга эга эмаслиги аниқланган. Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вояга етмаган ўқувчиларга руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилгани ёки ўтказилмагани, тақиқланган ғояларни сингдирилган ёки сингдирилмаганлик ҳолатларини текширмоқда.
Маълумот ўрнида, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунининг янги таҳририга кўра диний таълим муассасасидан ташқарида, шунингдек, хусусий тартибда диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланган.
Аввалроқ Тошкентда диний адабиётдан рухсатсиз фойдаланиб, қизларга дарс берган аёл ушлангани, Андижонда 3 эркак болаларга ноқонуний диний таълим бергани ва Тошкентда қизларга ноқонуний диний сабоқ бериб келган 3 аёл қўлга олингани хабар қилинган.