Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида 29 август, якшанба куни кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда «Al-Arabiya»га таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Al-Arabiya»

Маълум қилинишича, ҳодиса катта эҳтимол билан аэропорт биноси ҳудудида содир бўлган. Twitter фойдаланувчилари воқеа жойидан видео узатган. Кадрларда қора тутун осмонга кўтарилганини кўриш мумкин.

Айрим ОАВ маълумотларида портлаш турар жой биносига берилган ракета зарбаси оқибатида содир бўлгани айтилган.

Маълумот учун, Афғонистон пойтахтида 26 август куни камида олтита портлаш содир бўлган. Кобул аэропортига кириш жойи яқинида биринчи теракт худкуш томонидан содир этилган. ИШИД гуруҳининг Марказий Осиёдаги бўлими ҳисобланувчи «Вилояти Хуросон» ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Аввалроқ Кобулда содир бўлган теракт тафсилотлари маълум қилинганди. Шунингдек, Байден мазкур воқеалардан кейин ИШИДга қарши авиазарба беришни буюрган. Бундан ташқари, «Толибон» ҳаракати Кобул аэропортида ИШИДнинг 3 нафар террорчисини қўлга олгани айтилган. Ҳамда Байден Кобул аэропортида янги теракт содир бўлишидан огоҳлантирган.