11:14 | 29.08.21 65

Сурхондарёда «Malibu» ҳайдовчиси юк машинасига тўппонча билан ўқ узди

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 27 август куни «Malibu» ҳайдовчиси ҳаракатланиш вақтида «Камаз» машинасига тўппонча билан ўқ узди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «publika.md»

Маълум бўлишича, Бойсун тумани Дарбанд маҳалласида яшовчи Д.М. исмли эркак 27 август куни соат 16:34 атрофида «Malibu» автомашинасини туманнинг Шифобулоқ маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобил йўлида бошқариб бораётиб, шу йўлда ҳаракатланиб кетаётган Шеробод тумани Ғўрин-Гиламбоб маҳалласида яшовчи М.А. бошқарувидаги «Камаз» юк машинасига тўппонча билан 2 марта ўқ узган.

Қайд этилишича, ундан тўппонча, 1 дона магазин ва ўқлар текшириб кўриш учун ҳужжатлаштириб олинган. 28 август куни унга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда эркак пневматик пистолетда танишининг кўзига отиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкентда 4 нафар эркак дўкон сотувчисига қурол билан таҳдид қилгани ва Ўзбекистон аҳолиси ярим йил ичида ИИВга қанча қурол топширгани маълум қилинган.