«Толибон» ҳаракати Афғонистон халқ қўшиқчисини ўлдиргани айтилмоқда
Афғонистон халқ мусиқаси ва қўшиқларини ижро этувчи Фавад Андарабий 28 август куни ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» ҳаракати жангарилари томонидан ўлдирилгани айтилмоқда. Бу ҳақда қўшиқчининг қариндошларига таяниб, «India Today» хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаракат хонандани Бағлон вилоятидаги уйидан олиб чиқиб, отиб ташлаган. Марҳумнинг ўғли воқеа ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган. Таъкидланишича, хонанда ўзининг қўшиқларида «Толибон» ҳаракатига қарши кучларни қўллаб-қувватлаган ва толибларни қоралаган. Ўз навбатида, «Толибон» ҳаракатининг кўплаб раҳбарлари мусиқани «исломга қарши» деб ҳисоблайди.
Маълумот учун, «Толибон» ҳаракати Афғонистонда мусиқа тақиқланишини маълум қилганди.
«Мусиқа исломда тақиқланган. Лекин умид қиламизки, биз одамларни босим ўтказмасдан бундай ишларни қилмасликка ишонтира оламиз», — деган эди ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Ғазни вилояти радиосида аёлларнинг ишлашини тақиқлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати сикҳларга Ҳиндистонга зиёрат учун боришни чеклагани маълум қилинган.