«Толибон» ҳаракати аёлларга яна бир тақиқ қўйди
«Толибон» ҳаракати Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилоятида мусиқа эшитиш, шунингдек, телевидение ва радиода аёл бошловчиларнинг чиқишини тақиқлади. Бу ҳақда «Panjwok»ка таяниб, «Известия» хабар берди.

Келтирилишича, тегишли буйруқ Қандаҳор маданият ва ахборот бошқармаси томонидан берилган. Ўз навбатида, «Raha Press» аёллар «Толибон» ҳаракатининг шариат қонунларига мувофиқ ишлаш ва ўқишларига рухсат бериш ҳақидаги ваъдаларига қарамай, кундалик ҳаётларида қийинчиликларга дуч кела бошлаганини хабар қилган.
Маълумот учун, толиблар афғон аёл давлат хизматчилари келгусида тегишли қоидалар ишлаб чиқилгандан сўнг ўз вазифаларини бажаришлари мумкинлиги ҳақида айтганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Афғонистонда мусиқа тақиқланишини маълум қилганди.
«Мусиқа исломда тақиқланган. Лекин умид қиламизки, биз одамларни босим ўтказмасдан бундай ишларни қилмасликка ишонтира оламиз», — деган эди ҳаракат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон халқ қўшиқчисини ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Ғазни вилояти радиосида аёлларнинг ишлашини тақиқлагани маълум қилинган. Ҳамда «Толибон» ҳаракати сикҳларга Ҳиндистонга зиёрат учун боришни чеклагани маълум қилинган.