Тошкент маҳаллий аэропорти ўз фаолиятини тиклайди
Ўзбекистондаги маҳаллий авиақатновлар амалга ошириладиган Тошкент-3 аэропорти 19 августдан номаълум муддатга ёпилиши ҳақида хабар қилинганди. «Uzbekistan Airways» АЖ қатновлар қайта тикланишини маълум қилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ва Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўртасидаги телефон мулоқотида Германия, Афғонистон ва Европа Иттифоқи фуқароларини Тошкент аэропортидан транзит сифатида фойдаланиш орқали эвакуация қилиш юзасидан келишувга эришилгани, эвакуация тадбирларининг узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон томонидан алоҳида терминал ажратилгани хабар қилинганди.
Маълум бўлишича, 31 августдан бошлаб маҳаллий авиақатновларни амалга оширувчи Тошкент-3 аэропорти ўз фаолиятини қайта бошлайди ва республика бўйлаб амалга оширилувчи барча авиапарвозлар ушбу аэропортдан жадвалга кўра амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги мунтазам темир йўл қатнови тикланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Андижон–Термиз–Андижон йўналишида янги йўловчи поезд қатнови йўлга қўйилиши ва Тошкент–Қарши йўналишидаги поезд қатнови Шаҳрисабзгача узайтирилиши хабар қилинган.