Тошкент вилоятида ички ишлар ходимлари ва депутатлар ўртасида жанжал юзага келди — видео
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбирида ички ишлар органи ходимлари ва депутатлар ўртасида зиддиятли ҳолат вужудга келди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби хабар қилди.

Маълум бўлишича, Ўртачирчиқ тумани «Амфитеатр» мажмуасида 28 август куни Мустақиллик байрамини ўтказиш жараёнида жамоат тартибини сақлашга жалб этилган туман ички ишлар органи ходимлари ҳамда Ўртачирчиқ тумани Халқ депутатлари кенгаши депутати Феруза Бабашева ва Чирчиқ шаҳар Халқ депутатлари кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов ўртасида жанжал юзага келган.
Депутат Феруза Бабашева ҳолатга қуйидагича изоҳ берган:
«Дарвоза олдида 50 нафардан ортиқ бола ва 6–7 нафар ёш болали аёл турганди. ИИБ ходимлари уларни байрамга киритмаётган экан. Бир болали аёлни ИИБ ходимлари ушлаб олиб қайтарди, буни кўрган депутат Жаҳонгир Тўлаганов уларнинг қилаётган иши нотўғрилигини айтди. Шу пайт ИИБ ходимларининг ўша ерда турган катталаридан бири ‘машинага тиқларинг, бўлимда гаплашамиз бу билан’, деган буйруқни берди. ИИБ ходимлари эса буйруқни сўзсиз бажариб, Жаҳонгирни судрай бошлади. Табиийки, мен туманимизга келган меҳмон депутатнинг ёнини олдим ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари, депутатлик мақоми тўғрисида тушунтира бошладим».
Қайд этилишича, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан вазият тўлиқ ўрганилган ҳамда воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган материаллар прокуратура органига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИИВ Қорақалпоғистондаги футбол ўйинида содир бўлган жанжал бўйича баёнот берганди. Шунингдек, Наманганда ИИБ ходимлари фуқарони куч ишлатиб олиб кетгани ва Андижонда «Nexia» ҳайдовчиси ва ЙПХ ходими ўртасида жанжал содир бўлгани маълум қилинган.