Тошкентда «Озод юрт тўлқинлари» XIII медиа фестивали бўлиб ўтди
Тошкентдаги «Residence Park Hotel Tashkent» (собиқ «Туркистон» меҳмонхонаси)да Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан нодавлат телерадиоканаллар вакиллари иштирокида «Озод юрт тўлқинлари» XIII медиа фестивали бўлиб ўтди.

Маълум қилинишича, унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳамда Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЭОАВМАга аъзо бўлган нодавлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллар раҳбарлари, ходимлари ҳамда журналистлар, ахборот веб-сайтлар вакиллари, блогерлар иштирок этган.

Таъкидланишича, мазкур фестиваль Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор вазирлик ва идоралар, халқаро ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида 2008 йилдан бери ўтказиб келинади.

Фестивалдан кўзланган мақсад миллий журналистикани ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, хусусан, нодавлат телерадиоканалларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишда хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Фестиваль аввалида ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, сўз эркинлиги, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жамият ҳаётидаги айрим муаммоларни ёритишда журналистлардан ошкоралик, холислик ҳамда адолатли ёндашувга, давлат раҳбари томонидан сўнгги йилларда ижод аҳлига кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик ва юксак эътибор мамлакат оммавий ахборот воситалари ходимларини янгидан-янги юксак марралар сари чорлаётгани, ижодий баркамолликка ундаётганини алоҳида тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг апрель ойида ЎзЭОАВМА томонидан ишлаб чиқилган «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа дастури ҳам ўзида 60 та йирик лойиҳани жамлаган бўлиб, улар орасида Янги Ўзбекистон ғоясини ўзида мужассам этган, ислоҳотлар моҳиятини очиб берувчи, мамлакат янги қиёфасини халқаро жамоатчиликка етказадиган медиа маҳсулотлар тайёрлаш ҳамда нодавлат телерадиоканалларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларда фаолият кўрсаётган ижодий ва техник ходимлар малакасини ошириш сингари масалаларга алоҳида ўрин ажратилган.

Шу мақсадда жорий йилнинг 2 июль куни ассоциация аъзоларининг навбатдаги йиғилишида телерадиоканалларга 1 миллиард сўмликдан зиёд зарур техникалар, асбоб-ускуналар топширилган эди. 19 август куни ЎзЭОАВМА конференциясида аъзоларга, хусусан, марказий телеканаллар фаолиятини ривожлантириш учун ҳар бирига 500 миллион сўм, ҳудудий телеканалларга 200 миллион сўм, марказий радиоларга ўртача 120 миллион сўмдан, ҳудудий радиоканалларга 60 миллион сўмдан, жами 9 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Фестиваль доирасида ЎзЭОАВМАга аъзо телерадиоканалларда фаолият кўрсатаётган ҳамда ахборот агентликлари журналистлар, блогерлардан 104 нафар ижодий ва техник ходимларга «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони тантанали топширилди ва улар умумий қиймати 530 миллион сўмлик ноутбуклар ва бошқа совғалар билан тақдирланди.

Аввалроқ Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) медиа-ҳоллида «Сайлов қонунчилиги тарғиботи» мавзусида конференция бўлиб ўтганди.